Главная » 2012 » Январь » 22 » БАҒРИНГГА БОС МЕНИ…
23:12
БАҒРИНГГА БОС МЕНИ…
wWw.bekorchi.uzХона у қадар совуқ бўлишига қарамай, эти жунжикаверди. Кафтларини бир-бирига ишқади, "куҳ-куҳ”лаб қўлларини иситгандек бўлди. Йўқ, назарида вужуди эмас, юраги… юраги музлаб кетаётгандек эди. Бу нимаси? Бунча титраб-қақшамаса? Ҳали қиш келгани йўқ-ку, куз ҳам шунчалик совуқ бўладими? 
Эринибгина қаҳва дамлади. Ичига иссиқ югурди, титроғи босилди. Дераза олдига келди, ташқарига ҳиссизгина тикилди. Сап-сариқ япроқлар ёмғири остида мусичалардек бир-бирининг пинжига кириб, жилмайганча нималарнидир гаплашаётган қўшнилари – янги келин-куёвга кўзи тушиб, кулиб қўйди. Йигит келинчакнинг пешанасига тушган сочларини бармоқлари билан суриб қўяр, келинчак йигитнинг сочига қўнган хазон парчасини кўрсатиб қиқир-қиқир куларди.
Ҳаваси келдими? Билмади.
Бунча совуқ бўлмаса-я?
* * *
У жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш, бошқалар ҳавас қилгулик лавлозимда ишлаш, жамики аёлларга орзу, армон бўлган карьерага эришиш учун дунёга келгандек эди. У ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун танҳо яшашга-да рози эди. Аёлнинг бахти оиласида, муҳаббатда, фарзандлари камолида деган насиҳату маслаҳатларни айтилган еригаёқ ёпиштириб қўяр, буларнинг бари иккинчи даражали, керакмас тушунчалар эканлигига атрофидагиларни ишонтирмагунча қўймасди. Совчиларни эшикдан йўлатмаёқ қувиб солди. «Лапашанг ўғилларинг ўзингга сийлов!» – деди.
Юрак ютиб айтилган ишқ изҳорларини қаҳ-қаҳ уриб қарши олди. «Эртагингни бошқаларга айт», – деди.
Ота-она қулоғига гап кирмайдиган қизни ахийри ўз ҳолига қўйди. Сингиллари бирин-кетин ёр-ёр бўлиб кетишди.
Шуниси маъқул. «Битта оиладан битта ишбилармон чиқади ўзи», – деди. Бу гап энди мақсаддан ҳам кўра ўз-ўзини овутишга ўхшаб кетди…
* * *
Гап-сўзлар, қариндошларнинг ақлли гаплари жонига тегди. «Алоҳида яшайман, ўзимни ўзим эплай оламан!» – деди. Онаси қайсар қизининг янги қарорига ҳам елка қисиб қўя қолди.
Тиришқоқлиги мақсадларига етишида қўл келди. Оддий ходимликдан бўлим бошлиғи вазифасига ўтди. Унга ҳамма ҳавас қилаётгандек, қизларига намуна қилиб кўрсатаётгандек эди. Икки-учтадан болали бўлиб, уйда ўтириб қолган дугоналарига раҳми келди. «Эҳ, бечоралар», – деб қўйди…
* * *
Дераза ёнидан узоқлашди. Ўзини биринчи марта ёлғиз ҳис этди… Бўғзига қайдандир тошиб келган хўрсиниқни тишини-тишига босиб ичига ютди. Кўзгуга қаради. Кўзлари остига тушган билинар-билинмас ажинларни энди кўриб тургандек ҳайрон тикилиб қолди. «Менга нима бўляпти?»
Истар-истамас кийинди, соатга қарадию шоша-пиша йўлга тушди. Ишга кечикиш одати йўқ унинг!
Идорага кираётиб яқиндагина турмушга чиққан котибасига кўзи тушди. Ёнидаги куёвбола шекилли, юзларидан тезгина ўпиб олди-да, хайрлашди. Келинчак уни кўриб, дув қизариб кетди. Шошиб саломлашиб, «Куёвингиз шунақа-да, узр,» – деб қўйди.
Столи устидаги бир олам қоғоз, бир дунё ишга қараб кўнгли увишди. Биринчи марта, биринчи марта ишдан ҳафсаласи пир бўлгандек сезди ўзини…
Телефони жиринглади. Онаси.
– Қизим, жон болам, кечаги совчилар яна келишибди, бир учрашиб кўргин-а, онаси бир яхши экан…
– Ўзингиз биласиз, ойи…
Ҳар доимгидек "Жавобини беринг! Керакмас!” деган зардали жавобни кутган она қизининг кутилмаган мойиллигидан шошиб қолди, отасидан хушхабар олишга шошилди.
Ажаб… биринчи марта юраги бошқача… аллақандай ҳаяжондан титраб кетди. Ким экан-а У?..
* * *
– Ростини айтсам, сизни учратмагунга қадар уйланишни хаёлимга ҳам келтирмас эдим, бутун ҳаётимни касбимга, илмга бағишлашни орзу қилардим, лекин…
– Хўш, лекин? – қиз хушчақчақ товушда унаштирилганига бир ҳафта бўлган, бўлажак турмуш ўртоғи – хушбичимгина йигитнинг кўзларига тикилди. – Нима бўлди кейин?
Йигит бир зум қаршисидаги гўзалга қараб турди-да, шарт қўлидан тортиб бағрига босди. Юраклар иссиқ, ўтли ҳароратдан дукурлаб уриб кетди…
Қизнинг уятдан юзлари оловланиб кетди. Боягина совқотиб, музлаб қолаёзган вужудига ўт югургандек бўлди, лаблари беихтиёр пичирлади:
– Куз ҳам шундай иссиқ бўладими?..
Категория: SEVGI DUNYOSI | Просмотров: 1190 | Добавил: nonadekadmin | Рейтинг: 0.0/0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]